Бангкокни сув босди: фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Мактаблар ва давлат бинолари вақтинчалик бошпаналарга айлантирилмоқда.

Таиланд пойтахти Бангкокда тинимсиз ёғингарчилик сабаб кучли сув тошқинлари юзага келиши ортидан шаҳарнинг барча 50 та туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
Бангкок губернатори Чадчарт Ситтипунтнинг маълум қилишича, 24 сентябрдан бери пойтахтда қарийб 300 миллиметр ёмғир ёққан. Кучли ёғингарчилик асосий каналларнинг шаҳардаги сувни чиқариб юбориш имкониятидан тезроқ тўлиб кетишига сабаб бўлган.
Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, сув тошқини қатор уйлар ва йўлларни, айниқса Латпҳрао, Правет ва Саэнсап каналлари яқинидаги ҳудудларни қамраб олган.
Туман маъмуриятлари сув босмаган давлат идоралари ва мактабларда вақтинчалик бошпаналар ташкил этмоқда. Маҳаллий ҳокимият аҳолини зарурат бўлмаса, уйларини тарк этмасликка чақирди.







