“Можарога аралашмаймиз”: Макрон Саудия Арабистонига қўшин юборилишини эълон қилди
Эммануэл Макрон ҳарбийлар мудофаа вазифасини бажаришини ва Париж минтақадаги можарога аралашмаслигини таъкидлади.

Франция Саудия Арабистонининг Қизил денгиз соҳилидаги Янбу портидаги энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун ҳарбий кучларини юборади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон маълум қилди.
Макроннинг сўзларига кўра, Франция Янбудаги нефтни қайта ишлаш заводи ва хом нефть қувурини ҳимоя қилиш учун аскарлар, радар тизимлари ва мудофаа воситаларини жойлаштиради. Унинг таъкидлашича, бу қарор Саудия Арабистони расмийлари билан келишилган.
Франция президенти Париж минтақадаги можаронинг ўзига қўшилмаслигини ҳам таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, француз ҳарбийларининг вазифаси энергетика объектларини ҳимоя қилишдан иборат бўлади.
Янбу Саудия Арабистонининг Қизил денгиздаги муҳим энергетика марказларидан бири бўлиб, мамлакатга нефтни Ҳормуз бўғозини четлаб ўтган ҳолда экспорт қилиш имконини берувчи инфратузилмага эга.
Сўнгги кунларда Саудия Арабистонининг энергетика объектлари ва нефть экспорт йўналишларига ҳужумлар кузатилган. Reuters маълумотига кўра, 11 сентябрдаги дрон ҳужумидан кейин Шарқ-Ғарб нефть қувури фаолияти тўхтаган, 22 сентябрь куни эса унинг ишлаши қайта тикланган. Бироқ қувур тўлиқ қувватга чиқиши учун бир неча ҳафта керак бўлиши мумкин.
Макрон, шунингдек, Франция энергетика таъминотидаги эҳтимолий узилишларнинг олдини олиш учун муқобил манбаларни излаётгани ва халқаро ҳамкорлар билан энергия хавфсизлиги масаласини муҳокама қилаётганини билдирган.







