Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади
Президент «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими» фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қилди.

27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан йўлланган табрикда давлат раҳбари соҳадаги барчага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, шарафли фаолиятида омад ва зафарлар тилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича янги режаларни маълум қилди.
Давлат раҳбари 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан қарийб 6 баробар ошиб, 12 миллион нафарга яқинлашганини билдирди. Туризм хизматлари экспорти эса 11 карра кўпайиб, 4,8 миллиард долларни ташкил этган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилган. БМТ Туризм ташкилоти эса мамлакатни дунёдаги энг тез ўсаётган бешта сайёҳлик йўналишидан бири сифатида киритган.
Келгусида Хивада халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этилади. Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида «ақлли» музей-мажмуага айлантириш режалаштирилган.
Самарқандда Ипак йўли музейи ташкил этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишлар очилади. Шунингдек, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида «Ғилон», Наманганнинг Поп туманида «Арашан» каби янги мажмуалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Президент туризмда замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ягона миллий туризм платформасини ишга тушириш ва сайёҳлик хизматларини ягона тизимга бирлаштириш ҳам муҳим вазифа эканини қайд этди.
2030 йилгача хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга етказиш, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга чиқариш, туризм хизматлари экспортини 8 миллиард доллардан ошириш ҳамда юқори тоифадаги меҳмонхоналар сонини икки баробар кўпайтириш мақсад қилинган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими» фахрий унвонини таъсис этиш таклифини билдирди.








