Андижонда юк машинаси 5 та автомобиль билан тўқнашди: жароҳатланганлар йўқ
Ҳодисага тормоз тизимидаги техник носозлик сабаб бўлган.

Андижон туманида тормоз тизимида техник носозлик юзага келган юк машинаси светофорда тўхтаб турган 5 та автомобиль билан тўқнашди. Ҳодиса оқибатида фуқаролар жароҳатланмаган.
Вилоят ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар беришича, йўл-транспорт ҳодисаси 27 сентябрь куни соат 14:45 ларда Андижон туманидаги «ЧЙМ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи А-373 Тошкент–Ўш автомобиль йўлининг 334-километрида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1976 йилда туғилган А. М. бошқарувидаги «ГАЗ-53» русумли юк автомашинаси «Боғишамол» ҳудудидан «Аэропорт» йўналишида ҳаракатланган. Ҳайдовчи тормоз тизимидаги техник носозлик сабаб оралиқ масофани сақлай олмаган.
Натижада тартибга солинган чорраҳадаги светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида тўхтаб турган "Damas", "Nexia-2", "Matiz", "Spark" ва "Labo" автомобиллари билан тўқнашув содир бўлган.
ЙТҲ оқибатида фуқаролар тан жароҳати олмаган. Транспорт воситаларига техник шикаст етган.
Ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








