Хоразмда Autocon рейд тадбирлари ўтказилмоқда
Рейд ИИБ ЙҲХБ ҳамда МИБ ходимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.

МИБнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш борасида “AutoCon-SC/M-online” рейд тадбирлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни вилоят ИИБ ЙҲХБ саф майдонида ўтказилган эрталабки йўриқномада Бюронинг марказий аппарати масъул ходими М.Юлдашев бевосита иштирок этиб, ходимларнинг хушёрлиги, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиши ҳамда қонунийликка қатъий риоя қилишлари юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.
Шундан сўнг, Урганч шаҳрининг гавжум кўчаларида Бюронинг вилоят бошқармаси Қидирув шўъбаси ходимлари ва туман (шаҳар) бўлими давлат ижрочилари ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари ҳамкорлигида қўшма рейд тадбирлари давом қилдирилди.
Ўтказилаётган қўшма рейд тадбирларининг ўзига хослиги шундаки, замонавий махсус мосламалар, яъни планшетлар ёрдамида ҳайдовчиларнинг мавжуд қарздорликлари онлайн тарзда дарҳол аниқланмоқда. Эътиборлиси, бир нафар қарздорга нисбатан бир нечта ижро ҳужжати мавжуд бўлган ҳолатларда, улар бўйича “маҳаллабай” кесимида манзилли ундирув чоралари кўрилиши таъминланмоқда.







