Нетаньяҳудан Эрдўғанга жавоб: халқаро судга мурожаат қилишга тайёрланмоқда
Исроил бош вазири Туркия президентига қарши Халқаро жиноят судида иш очиш имкониятини ўрганиш учун ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлашни буюрди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяҳу Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга қарши Халқаро жиноят судида (ХЖС) кўриб чиқилиши мумкин бўлган ҳуқуқий ишни тайёрлашни топширган. Бу ҳақда i24NEWS манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Нетаньяҳу Исроилнинг идоралараро гуруҳи ва халқаро ҳуқуқ департаменти директорига тегишли ҳужжатларни тайёрлашни буюрган.
i24NEWS хабарида айтилишича, эҳтимолий ишда Туркиядаги курд озчилигига муносабат масаласига асосий эътибор қаратилади. Шунингдек, Эрдўған ҳукумати томонидан Hamasни молиялаштириш билан боғлиқ даъволар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Исроил ҳуқуқий ҳужжатларни ХЖСга бевосита тақдим этиши мумкин, бироқ i24NEWS манбаларига кўра, бунинг учун воситачи томон жалб қилиниши эҳтимоли юқори. Исроил ҳам, Туркия ҳам ХЖСнинг юрисдикциясини тан олмайди, чунки ҳар икки давлат Рим статутига қўшилмаган.
Манбаларнинг таъкидлашича, Исроил ишни амалда судга киритмаслиги ҳам мумкин. Хабарга кўра, ҳуқуқий ишнинг ўзи Эрдўғанга нисбатан босим ва тийиб турувчи восита сифатида кўрилмоқда. Нетаньяҳу ва Исроил Адлия вазирлиги вакиллари i24NEWS сўровига изоҳ бермаган.
Бу воқеа Туркия ва Исроил ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Аввалроқ Эрдўған Нетаньяҳуга қарши Интерпол орқали “қизил огоҳлантириш” берилишини сўрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.








