4 давлат, янги виза чекловлари: АҚШ кимларга чора кўрди?
АҚШ Давлат департаменти янги виза механизми доимий хусусиятга эга эканини, янги далиллар пайдо бўлиши билан қўшимча чекловлар жорий этилиши мумкинлигини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти Ғарбий яримшарда демократик йўл билан сайланган ҳукуматларга коррупция ёки наркотик моддалар савдоси орқали путур етказишда айбланаётган хорижий фуқароларга нисбатан янги виза чекловлари сиёсатини жорий қилди.
Янги механизм АҚШ Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонунининг 212(а)(3)(С) бўлимига асосланган. Мазкур норма кириши ёки АҚШ ҳудудидаги фаолияти мамлакат ташқи сиёсатига жиддий салбий оқибатлар келтириши мумкин бўлган хорижий фуқароларга нисбатан кириш чекловларини қўллаш имконини беради. Сиёсат хорижликларнинг яқин оила аъзоларига ҳам татбиқ этилиши мумкин.
АҚШ Давлат департаменти янги механизмни доимий сиёсат сифатида таърифлаб, тегишли далиллар пайдо бўлиши билан қўшимча виза чекловлари жорий этилишини билдирди.
Дастлабки чоралар Боливия, Колумбия, Эквадор ва Перу фуқароларига нисбатан қўлланди. Боливияда 12 нафар фуқаронинг амалдаги визалари бекор қилинган. Улар орасида собиқ адлия вазири, судьялар, прокурор, полиция полковниги ва тадбиркор ҳам бор. Яна 9 нафар Боливия фуқароси эса ҳозирги вақтда амалдаги визага эга бўлмагани сабабли келгусида виза олиш имкониятидан маҳрум этилган.
Колумбияда тадбиркор Эвклидес Торрес Ромеро ва сенатор Марта Пералта Эпиеюнинг визалари бекор қилинди. Эквадорда икки фуқаро, Перуда эса Лима шаҳридаги Конституциявий суд судьяси ва уларнинг яқин оила аъзоларига нисбатан ҳам тегишли чекловлар жорий этилди.
Шунингдек, АҚШ Боливия бош прокурори ва унинг яқин оила аъзоларини алоҳида тартибда виза чекловларига киритди. Давлат департаменти уни наркотик моддалар савдосига кўмаклашиш ҳамда зўравон жиноятлар содир этган шахсларнинг жазодан қочишига ёрдам бериш учун пора олишда айблаган.
АҚШ Давлат департаменти ушбу чораларни коррупция ва наркосавдога қарши курашиш, шунингдек, минтақадаги демократик бошқарув ва қонун устуворлигини ҳимоя қилиш сиёсатининг бир қисми сифатида изоҳлаган.
Вашингтоннинг айрим Лотин Америкаси давлатлари фуқароларига нисбатан виза чекловлари сиёсати аввал ҳам қўлланган. Масалан, 2025 йилда Колумбия расмийлари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан виза чораларидан фойдаланилган, кейинчалик айрим бошқа давлатлар вакилларига ҳам шундай чекловлар жорий этилган.








