“Боланинг хавфсизлиги энг асосий талаб”: вазирлик барча боғчаларни текширмоқда
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Учқўрғондаги воқеа ортидан барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари фаолиятини ўрганмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эзоза Каримова Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида юз берган воқеа юзасидан муносабат билдирди.
Вазирнинг таъкидлашича, ҳолат уни нафақат вазир, балки она сифатида ҳам қаттиқ ларзага солган. У воқеа ҳақида хабар топган куни Тошкентга қайтиш ўрнига Наманганга бориб, вазиятни жойида ўрганганини маълум қилган.
Каримованинг қайд этишича, ҳолат юзасидан тергов олиб борилаётгани сабабли унинг жараёнига халақит бермаслик, шунингдек, вояга етмаган жабрланувчининг манфаатлари ва шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида тафсилотлар аввалроқ кенг оммага ошкор қилинмаган.
Вазирлик маълумотига кўра, воқеага алоқадорликда гумон қилинаётган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Шунингдек, ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифаларини қандай бажарганини аниқлаш ва уларнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Эзоза Каримова ишчи гуруҳ фаолияти ва ўрганиш жараёнларини шахсий назоратига олганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, текширув давомида ким ўз вазифасини бажармагани, ким бепарволикка йўл қўйгани ва ким ҳолатга кўз юмганига аниқлик киритилади.
Болалар хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳар бир ходим ва раҳбарнинг фаолиятига шу мезон асосида баҳо берилиши, лавозими ёки хизмат тажрибасидан қатъи назар, вазирлик ваколати доирасида тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди. Айбдор деб топилган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Айни пайтда махсус ишчи гуруҳ мамлакатдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг, жумладан, раҳбарлар ва техник ходимларгача бўлган барча ходимларнинг фаолиятини ўрганмоқда. Вазирлик аниқланган камчиликларнинг сабаблари ва уларга йўл қўйган масъулларнинг жавобгарлиги масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Вазир барча тизим раҳбарлари ва ходимларига мурожаат қилиб, уларга ишониб топширилган ҳар бир боланинг хавфсизлиги кундалик фаолиятнинг энг асосий талаби бўлиши кераклигини таъкидлади.
“Фарзандларимиз тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмайди”, дея қайд этди вазир.








