Россияда ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳужжатлари олиб қўйилди: иш берувчига чора кўрилди
Иш берувчи тўланмаган иш ҳақларини 48 соат ичида бериш мажбуриятини олди.

Россиянинг “Инсити Логистика” МЧЖда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳужжатлари олиб қўйилгани ва иш ҳақлари тўланмаётгани юзасидан Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонасига мурожаат қилган.
28 сентябрь куни келиб тушган мурожаат юзасидан ваколатхона ходимлари корхона манзилига бориб, иш берувчи билан музокаралар ўтказган.
Натижада ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳужжатлари қайтарилган. Шунингдек, иш берувчи тўланмаган иш ҳақларини 48 соат ичида тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Миграция агентлиги мазкур масала ваколатхона назоратида эканини маълум қилди.
Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан Миграция агентлигининг 24/7 колл-марказига ёки ишонч рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкин.








