25 йилгача ёки умрбод: болаларга қарши жинсий жиноятлар учун жазо кучайтирилади
Вояга етмаганларга нисбатан қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш ҳамда айрим уятсиз-бузуқ ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланади.

Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасида вояга етмаганларга нисбатан оғир жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш белгиланмоқда. Шунингдек, боланинг жинсий эркинлигига қарши айрим жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатлари қўлланмаслиги назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм ҳамда муддатидан илгари шартли озод қилишга оид айрим қоидаларни қўллашни чеклаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга нисбатан қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш, шунингдек, бир гуруҳ шахслар томонидан 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланиши таклиф этилмоқда.
Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш, болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик ва бошқа айрим ҳуқуқбузарликлар учун ҳам жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида болаларнинг процессуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, уларни гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштиришни махсус тартибда ўтказиш ҳамда айрим ҳолатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг мажбурий иштирокини таъминлаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилмоқда. Мазкур ёрдам боланинг моддий имкониятидан қатъи назар, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилади.
Лойиҳа болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгилашни ҳам назарда тутади.
Шунингдек, таълим ташкилоти ходими томонидан таълим-тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш таклиф этилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.








