Мактабларга талаб ошади: жорий йилда 1-синфга 800 минг бола қабул қилинди
Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади.

Ўзбекистонда мактабларда ўқувчи ўринларига бўлган талабни қоплаш ва хусусий таълимни ривожлантириш бўйича янги молиявий механизмлар жорий этилиши маълум қилинди.
Жорий ўқув йилида мамлакат мактабларининг 1-синфига 800 минг нафар бола қабул қилинган. Бу ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп. 2030 йилга бориб биринчи синфга қабул қилинадиган болалар сони 1 миллион нафарга етиши кутилмоқда.
Ҳозирда ҳар йили инвестиция дастурлари ҳисобидан мактабларда 180–200 мингта янги ўқувчи ўрни яратилмоқда.
Ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очилишини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий механизмлари белгиланиши айтилди.
Унга кўра, мазкур ҳудудларда мактаб ташкил этиш учун тадбиркорларга 7 йил муддатга 10 фоизли имтиёзли кредит ажратилади. Шунингдек, мактабни очиш ва жиҳозлаш харажатларининг 15 фоизигача, кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия берилади.
Бундан ташқари, барча туманларда бўш турган давлат биноларини хусусий мактаб ташкил этиш учун 10 йил муддатга бепул ижарага бериш имконияти яратилади. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб берилади.
Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегарасини 3 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача ошириш режалаштирилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ўзгариш оилаларга йилига 6–7 миллион сўмгача маблағни тежаш имконини бериши кутилмоқда.








