Ўқув парвози чоғидаги фожиа: ҳарбий самолёт қулади
Ҳодиса оқибатида 6 экипаж аъзоси ҳалок бўлди, яна бир ҳарбий жароҳатланди.

Россиянинг Амур вилоятида 29 сентябрь куни ўқув-машғулот парвози вақтида Tu-95 стратегик бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 6 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган, яна бир киши жароҳатланган.
Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, самолёт ўқ-дориларсиз ўқув парвозини амалга оширган ва аҳоли яшамайдиган ҳудудга қулаган. Жароҳатланган экипаж аъзоси тиббиёт муассасасига эвакуация қилинган.
Ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлаш учун Россия Аэрокосмик кучлари комиссияси воқеа жойига юборилган. Ҳозирча самолётнинг ҳалокатга учрашига нима сабаб бўлгани расман маълум қилинмаган.
Россия ОАВлари хабарига кўра, самолёт Амур вилоятидаги Красноярово қишлоғи яқинида, Украинка ҳарбий аэродромидан учганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган.
Амур вилояти ҳукумати эса экипаж самолётни турар жойлар томон кетишидан қайтаришга ҳаракат қилганини билдирган.
Tu-95 Россиянинг узоқ масофага учувчи стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи самолёти ҳисобланади.








