Ҳамма кутган қонун: Сенат умрбод қамоқ жазосини маъқуллади
Ҳужжатга кўра, 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан айрим жинсий жиноятлар учун умрбод қамоқ жазоси қўлланади.

Олий Мажлис Сенатининг 2 октябрь куни бўлиб ўтган 20-ялпи мажлисида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилади.
Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланмайди.
Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ҳамда жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш имконияти ҳам бекор қилинади.
Қонунда болаларнинг тергов ва суд жараёнидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги кафолатлар ҳам белгиланган.
Жумладан, жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан бошлаб давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатилади.
Зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилади. Жинсий жиноят қурбони бўлган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштириш махсус тартибда ўтказилади. Жабрланувчи бола ва айбланувчини юзлаштириш эса фақат терговчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида амалга оширилади.
Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, процессуал жараёнларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий этилади.
Бундан ташқари, таълим ва тарбия муассасаси ходими болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилган тақдирда, унинг меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш учун асос яратилади. Бундай шахсларнинг келгусида болалар билан ишлашига ҳам чеклов қўйилади.
Қонун билан ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, уларнинг асосий эҳтиёжларини қасддан қаноатлантирмаслиги, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиши ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаслиги учун маъмурий жавобгарлик чоралари ҳам кучайтирилади.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳамда болаларнинг сўровига кўра, уларнинг яшаш манзилига ёзма ёки электрон жавоб юбормаслик тартиби жорий этилади. Бу қайта зўравонлик хавфини камайтиришга қаратилган.
Мазкур қонун болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг олдини олиш ҳамда бундай жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.








