Қирғизистон космосга чиқди: мамлакатнинг илк миллий сунъий йўлдоши учирилди
Қирғизистон ва БАА ҳамкорлигида яратилган сунъий йўлдош илк бор орбитага чиқарилди.

Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий-ҳаво базасидан SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетаси ёрдамида орбитага чиқарилди.
Сунъий йўлдошнинг учирилиш маросимида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам иштирок этган. У АҚШга ишчи ташрифи доирасида Ванденберг базасига бориб, тарихий парвозни кузатган.
Қирғизистон президенти маъмурияти маълумотига кўра, сунъий йўлдош битта ракета ёрдамида орбитага чиқарилган космик аппаратлар гуруҳининг бир қисми бўлган. Мазкур қурилма Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида яратилган.
Сунъий йўлдош Қирғизистонда жойлашган Миссияни бошқариш маркази орқали назорат қилинади.
Сунъий йўлдошдан олинадиган маълумотлар ноқонуний қазиб олиш, рухсатсиз чиқиндихоналар ва ифлосланиш манбаларини аниқлаш, шунингдек, логистика йўналишларини оптималлаштиришда ҳам қўлланади.
Маҳаллий манбаларга кўра, Қирғизистоннинг илк сунъий йўлдоши қарийб 5 килограмм оғирликдаги кичик космик аппарат бўлиб, уни яратиш устида қарийб 2,5 йил давомида иш олиб борилган.
Сунъий йўлдош 1 октябрь куни Falcon 9 ракетасининг Транспортер-18 миссияси доирасида орбитага чиқарилган. Ушбу миссия давомида жами 130 та фойдали юк паст Ер орбитасига олиб чиқилган.








