Мигрантлар учун янги талаб: ишга жойлашиш ҳақида қачон хабар бериш керак?
Россияда патент асосида ишлаётган мигрантлар учун хабарнома бериш тартиби янгиланди.

Россияда 1 октябрдан патент асосида ишлаётган хорижий фуқароларни ишга қабул қилиш бўйича хабарнома бериш тартиби ўзгарди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати маълум қилди.
Янги тартибга кўра, жисмоний шахс учун ишлаётган хорижий фуқаролар патентни олганидан кейин икки ой ичида Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига ишга жойлашгани ҳақида хабарнома тақдим этиши керак.
Агар мигрант юридик шахсда ишлаётган бўлса, меҳнат шартномасини тузиш ёки бекор қилиш ҳақидаги хабарномани иш берувчи тақдим этади. Бунинг учун уч кунлик муддат белгиланган.
Шунингдек, чет эл фуқаросининг ишдан бўшатилгани ҳақида Ички ишлар вазирлигини ўз вақтида хабардор қилмаслик учун 800 минг рублгача жарима ёки 90 кунгача фаолиятни тўхтатиш жазоси қўлланиши мумкин.
Аввалги тартибда патент асосида ишлаётган мигрант ва унинг иш берувчиси ёки хизмат кўрсатувчиси хорижий фуқарони ишга қабул қилиш ҳақида Ички ишлар вазирлигини хабардор қилиши талаб этилган. Бунда ҳар икки томон учун хабарнома бериш бўйича алоҳида мажбурият ва муддатлар мавжуд эди.
Янги тартибда эса иш берувчининг мақоми — жисмоний ёки юридик шахс экани — хабарнома бериш тартиби ва муддатига таъсир қилади.







