“Одамлар кўчада ётибди”: Мактаб таълими вазирлиги видеога изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда вазирлик қабулхонасига мурожаат қилган фуқаролар “кўчада ётибди” деган мазмундаги хабарлар тарқалди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Антикоррупция» каналида “Таълим вазирлигида кимлар ишлайди?” сарлавҳаси остида тарқалган, вазирлик қабулхонасига мурожаат қилган фуқаролар “кўчада ётибди” мазмунидаги видеога муносабат билдирди.
Вазирлик маълумотига кўра, видеода акс этган ҳолат жорий йилнинг май ойида содир бўлган. Фуқаронинг мурожаати вазирлик масъуллари томонидан белгиланган тартибда ўрганилиб, унга тегишли тушунтиришлар берилган. Мазкур ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳам вазирликда мавжуд.
Вазирлик бир неча ой аввал содир бўлган ҳолатни “яқинда бўлган воқеа” сифатида тақдим этиш жамоатчиликни чалғитиши мумкинлигини қайд этган.
Шунингдек, ахборот тарқатишда воқеанинг санаси, мазмуни ва ҳаққонийлигини текшириш ҳар бир масъулиятли ахборот тарқатувчининг вазифаси экани таъкидланган.
Вазирликнинг қайд этишича, сўнгги вақтларда мактабгача ва мактаб таълими тизими фаолиятига оид асосли ва асоссиз танқидлар, контекстдан узиб олинган ҳолатлар ҳамда эски видеоларни янги воқеадек тақдим этиш ҳолатлари учрамоқда.
“Биз танқид ва жамоатчилик фикрини рад этмаймиз. Аксинча, асосли мурожаат ва танқидлар тегишли тартибда ўрганилиши зарур ва ўрганилмоқда”, — дейилади муносабатда.
Бироқ вазирлик ҳақиқатга асосланмаган, бир томонлама ёки нотўғри талқин қилинган ахборот тарқатилиши таълим тизимига ҳамда унда фаолият юритаётган ходимларнинг шаънига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Шу муносабат билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ахборот тарқатишда холислик, масъулият ва журналистик-ахлоқий меъёрларга амал қилишга, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка ҳамда турли ахборот хуружи ва сунъий шов-шувларга қўшилмасликка чақирилди.
“Ахборот тарқатишда шов-шув эмас, ҳақиқат устувор бўлиши керак”, — дейилади Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабатида.








