Ёмғир, қор ва кучли шамол: Ўзбекистонга совуқ ҳаво кириб келади
“Ўзгидромет” об-ҳаво кескин ўзгаришидан огоҳлантирди.

Метеорологлар маълумотига кўра, 3 октябрь куни мамлакатнинг шимолий ҳудудларига, 4–5 октябрь кунлари эса республиканинг қолган ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.
Шу сабаб республика бўйича об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилмоқда.
3–4 октябрь кунлари шимолий ва чўл ҳудудларда, 4–5 октябрь кунлари эса республиканинг қолган ҳудудларида ёмғир ёғади. Айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши, баланд тоғли ҳудудларда эса ёмғир қорга айланиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати ҳам пасаяди. Кундуз кунлари ҳарорат 15–20 даражагача, кечалари эса 5–10 даражагача тушиши кутилмоқда. Шимолий ҳудудларда кундузги ҳарорат 12–17 даража, кечалари эса 2–7 даража илиқ бўлади.
3–4 октябрь кунлари республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучаяди. Баъзи жойларда шамол чанг-тўзонлар билан 20–22 м/с гача етиши мумкин.
Шунингдек, 5–6 октябрь кунлари мамлакатнинг айрим ҳудудларига туман тушиши эҳтимоли бор.








