Бахтсиз ҳодиса ва оғир жароҳат: Россиядаги ватандош Ўзбекистонга қайтарилди
Унга парвоз вақтида икки нафар ўзбекистонлик тиббиёт мутахассиси ҳамроҳлик қилган.

Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида меҳнат фаолияти давомида оғир жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси Д. У. ни ватанга қайтаришга кўмаклашилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида фуқаро турли тан жароҳатларини олган ва ҳудуддаги тиббиёт муассасаларидан бирига ётқизилган. У ерда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шундан сўнг ватандошнинг соғлиғи ҳамда шифокорлар тавсиялари инобатга олиниб, уни Ўзбекистонга тиббий эвакуация қилиш масаласи ишлаб чиқилган.
Фуқаронинг хавфсиз тарзда ватанга қайтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистондан икки нафар тиббиёт мутахассиси Россияга юборилган. Улар парвоз давомида Д. У. нинг ҳолатини назорат қилиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатиб борган.
Барча тайёргарлик ишлари якунлангач, фуқаро шифокорлар ҳамроҳлигида Минералние Води–Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилди.








