Илк қўшма инвестиция: АҚШ ва Украина муҳим минераллар бўйича келишув имзолади
Янги лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 70 млн долларни ташкил этади.

АҚШ ва Украина ўртасида тузилган қўшма тикланиш инвестиция жамғармаси муҳим минераллар соҳасидаги илк лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) инвестициялар бўйича раҳбари Конор Кулманнинг маълум қилишича, жамғарманинг лойиҳалари умумий қиймати ҳозирда қарийб 70 миллион долларни ташкил этмоқда.
Минераллар соҳасидаги дастлабки лойиҳа Украинадаги BGV Group компанияси билан қўшма инвестиция платформасини яратишни назарда тутади. Мазкур платформага тахминан 30 миллион доллар йўналтирилиши режалаштирилган.
Дастлабки босқичда Украина ҳудудидаги эрта босқичдаги кончилик лойиҳалари, жумладан, ноёб ер элементлари, уран, бериллий ва цирконий конларини ўрганиш ва ўзлаштиришга эътибор қаратилади.
Жамғарма минераллар билан бир қаторда Украинанинг энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни ҳам молиялаштиришни режалаштирган.
АҚШ-Украина қўшма жамғармаси 2025 йилда икки давлат ўртасида имзоланган минераллар келишуви асосида ташкил этилган. 2026 йил 2 октябрь куни АҚШ Ғазначилиги жамғарма томонидан муҳим минераллар ва энергетика соҳаларида янги инвестициялар маъқулланганини расман эълон қилди.
Жамғарма келгусида инвестиция имкониятларини кенгайтириш учун қўшимча капитал жалб қилишни ҳам режалаштирмоқда.








