Иркутскдаги касаллик гумони: Ўзбекистонда эпидемиологик назорат кучайтирилди
Россиянинг Иркутск вилоятида ўта хавфли юқумли касалликка гумон қилинган ҳолат бўйича вазият кузатилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар ва айрим ахборот манбаларида Россиянинг Иркутск вилоятида ўта хавфли юқумли касалликка гумон қилинган ҳолат қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Санитария-эпидемиология қўмитаси маълум қилишича, ҳозирда Россиянинг ваколатли идоралари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий манбалари орқали вазият мунтазам кузатиб борилмоқда.
Хусусан, касаллик ташхисининг лаборатория текширувлари орқали тасдиқланган ёки тасдиқланмагани, эҳтимолий юқиш манбаи ва йўллари, беморнинг ҳаракатланиш йўналиши ҳамда у билан мулоқотда бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар ўрганилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли хизматларнинг тайёргарлиги кучайтирилган.
Қўмита фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарларга ишонмаслик ва вазият ҳақидаги маълумотларни фақат расмий манбалар орқали кузатиб боришни сўради.
Эпидемиологик вазиятда ўзгариш юз берган тақдирда жамоатчиликка белгиланган тартибда қўшимча ахборот тақдим этилади.








