“Умра” эвазига 4800 доллар: ноқонуний хизмат кўрсатишга уриниш фош этилди
Зиёратни ташкил этишга ваколати бўлмаган шахс 4 нафар фуқарони Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган.

Самарқанд шаҳрида «Умра» зиёратини ташкил этишга ваколати бўлмаган шахснинг фуқароларни Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилгани аниқланди.
Маълум қилинишича, 1956 йилда туғилган, Самарқанд шаҳрида яшовчи ва муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс Оқдарё туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқарони «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у фуқаролардан 4800 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс олдиндан 3000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








