14 нафар ҳарбийнинг ўлими: Қозоғистон ҳарбий-денгиз кучлари собиқ бош қўмондони ҳибсга олинди
У хизматга бепарволикда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотларда 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиши юзасидан ҳибсга олинди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳарбий тергов бўлими Каспий денгизидаги машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши бўйича жиноят иши доирасида собиқ бош қўмондонни хизматга бепарволикда гумон қилиб ҳибсга олган. У вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган, кейинчалик суд қарори билан қамоққа олинган.
Қозоғистон ОАВ ҳибсга олинган ҳарбий собиқ Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Канат Ниязбеков эканини хабар қилган. У 3 октябрда лавозимидан озод этилган эди.
Фожиа 24 сентябрда Манғистов вилоятида “Хазар Қорғани-2026” ҳарбий машғулотлари вақтида юз берган. «Кайсар» кемасидан ҳарбий хизматчиларни тушириш жараёнида 17 нафар ҳарбийни денгиз оқими оқизиб кетган. Улардан уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган.
Мазкур ҳодисадан сўнг Мудофаа вазирлиги тизимидаги беш нафар мансабдор, жумладан, Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, икки ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси ва катер командирлари ҳам ҳибсга олинган. Улар хизматга бепарволик қилиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган кемалардан фойдаланиш қоидаларини бузишда гумон қилинмоқда.
Шунингдек, Қозоғистон Мудофаа вазирлигида ўтказилган комплекс текширув давомида машғулотларни тайёрлаш ва режалаштиришда жиддий камчиликлар аниқлангани маълум қилинган. Тергов ва текширув ишлари давом этмоқда.








