Саудия Арабистонида турк ҳарбийлари: Туркия Саудия Арабистонида ҳарбий база очиши мумкин
Анқара тўртта муҳим газ ва электр энергияси иншоотини ҳаво мудофааси тизимлари ёрдамида ҳимоя қилишда иштирок этади.

Туркия Макка мудофаа шартномаси доирасида Саудия Арабистонидаги ҳарбий иштирокини кенгайтириши ва қироллик ҳудудида ҳарбий база жойлаштириши мумкин. Бу ҳақда Туркиянинг «Türkiye Gazetesi» нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Анқара Саудия Арабистонидаги тўртта муҳим газ ва электр энергияси иншоотини қисқа ва ўрта масофали ҳаво мудофааси тизимлари ёрдамида ҳимоя қилишда иштирок этади.
Аввалроқ Туркиянинг Саудия Арабистонига чекланган ҳарбий контингент ва техника юбориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Режага кўра, мамлакатга 200 дан ортиқ ҳарбий мутахассис, техник гуруҳлар, ҳаво мудофааси ва электрон уруш воситалари жойлаштирилиши мумкин.
5 октябрь куни Ар-Риёдда Макка мудофаа иттифоқига аъзо Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон вакиллари қўшма мудофаа мажбуриятларини амалга ошириш ҳамда ҳарбий кучларни жойлаштириш масалаларини муҳокама қилган.
Шундан келиб чиқиб, Туркия Саудия Арабистонининг тўртта муҳим газ ва электр энергияси объектини ўзининг қисқа ва ўрта масофали ҳаво мудофааси тизимлари билан ҳимоя қилишда иштирок этиши кутилмоқда. Саудия Арабистонига юбориладиган турк ҳарбийлари сони яқин кунларда аниқланиши айтилган.
Турк ҳарбий контингентини Саудия Арабистонига юбориш бўйича якуний қарор Саудия Арабистони парламенти томонидан маъқулланиши керак. Ушбу масаланинг октябрь ойида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Очиқ манбаларга кўра, Туркиянинг бир қатор мамлакатларда ҳарбий базалари ва ҳарбий объектлари мавжуд. Жумладан, турк ҳарбийлари Қатар, Ироқ, Сурия, Сомали ва Ливияда ҳам жойлаштирилган.








