Украинада демографик муаммо кучаймоқда: 6 ойда мамлакатдан чиқишлар сони киришлардан 223 мингтага кўп бўлди
Ҳарбий ёшдаги эркаклар учун хорижга чиқиш чекланганига қарамай, Украинани тарк этаётганлар сони ортмоқда.

2026 йил январь–июнь ойларида Украинадан 7,13 миллионга яқин чиқиш, мамлакатга эса 6,907 миллионга яқин кириш ҳолати қайд этилган. Натижада чиқишлар ва киришлар ўртасидаги тафовут қарийб 223 минг кишини ташкил этган.
ТАСС Украина Давлат чегара хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, мамлакатни тарк этганлар сони кирганлардан сезиларли даражада юқори бўлган.
Украинадан аҳолининг чиқиб кетиши сўнгги йилларда ҳам давом этмоқда. Мамлакатда ҳарбий хизмат ёшидаги эркакларнинг хорижга чиқишига нисбатан қатъий чекловлар мавжуд бўлишига қарамай, аҳолининг бир қисми мамлакатни тарк этмоқда.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Украинадан 7–8 миллионга яқин чиқиш қайд этилган. 2023 йилда бу кўрсаткич қарийб 180 минг, 2024 йилда 460 минг, 2025 йилда эса 302 минг кишини ташкил қилган.
Украина аҳолисининг ҳозирги аниқ сонини ҳисоблаш қийин. Мамлакатда сўнгги умумий аҳоли рўйхати 2001 йилда ўтказилган. Киев назоратидаги ҳудудларда қанча аҳоли қолганига доир турли баҳоларда 20–30 миллион киши атрофидаги рақамлар келтирилади.
Мутахассислар аҳолининг камайиши ва оммавий миграция Украинада демографик муаммоларни янада кучайтираётганини таъкидламоқда.








