ТДТУ талабалари иссиқ ва қулай турар жойларга жойлаштирилди
Ётоқхонага аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан уч кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ талабалар турар жойига бориб, вазиятни жойида ўрганди.
Ўрганиш жараёнида тадбиркор, тегишли масъуллар, прокуратура ходимлари ҳамда Тошкент давлат техника университети раҳбарияти иштирок этди. Ҳолат юзасидан зарур чоралар белгиланди.
Аниқланишича, Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Хусусан, объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатномалар олинмаган.
Шунингдек, бинода иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали тўлиқ уланмаган. Объектнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича амалдаги талабларга мувофиқлиги ҳам таъминланмаган.
Шу муносабат билан талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар мазкур объектдан чиқарилиб, университетнинг мавжуд талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларига тўлиқ жойлаштирилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан уч кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади.
Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, ундан фойдаланиш учун зарур рухсатномаларни олиш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.
Масъуллар томонидан ҳолатнинг барча жиҳатлари ўрганилиб, талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.








