8,8 млн сўмгача жарима: носоз самолётларни учирганларга жазо белгиланмоқда
Шунингдек, Фуқаролик авиацияси агентлиги кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилган.

Ўзбекистонда ҳаво кемаларидан фойдаланиш ва парвозлар хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда. Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, ҳаво кемаларининг парвозини амалга ошириш ёки парвозларни таъминлаш билан бевосита боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг бундай фаолият билан шуғулланиши ёки ушбу ҳуқуқни бошқа шахсларга бериши учун фуқароларга 10 БҲМ — 4,4 миллион сўм, мансабдор шахсларга эса 20 БҲМ — 8,8 миллион сўм жарима солиш таклиф этилмоқда.
Йўловчи ёки юк сиғими меъёрларини, ҳаво кемасининг максимал учиш массаси ёхуд мувозанати бўйича чекловларни бузган ҳолда парвоз қилиш учун 15 БҲМ — 6,6 миллион сўм жарима белгиланиши мумкин.
Техник носозлиги бўлган ёки муайян шартлар сабабли фойдаланиш тақиқланган ҳаво кемасида, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, парвоз амалга оширилса, 20 БҲМ — 8,8 миллион сўм жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки таниш ёхуд рўйхат белгиларига эга бўлмаган ҳаво кемасини бошқариш учун 10 БҲМдан 20 БҲМгача, яъни 4,4 миллион сўмдан 8,8 миллион сўмгача жарима белгиланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ҳаво кемаси йўловчиларининг хулқ-атвор қоидаларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, ҳаво кемаси командири ёки унинг номидан экипаж аъзоси берган тегишли кўрсатмаларни бажармаган йўловчига 5 БҲМ — 2,2 миллион сўмдан 10 БҲМ — 4,4 миллион сўмгача жарима солиш таклиф қилинмоқда.
Худди шундай қоидабузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, жарима 15 БҲМ — 6,6 миллион сўмдан 20 БҲМ — 8,8 миллион сўмгача бўлиши мумкин.
Шунингдек, Фуқаролик авиацияси агентлиги кўрсатмаларини бажармаганлик учун фуқароларга 20 БҲМ — 8,8 миллион сўм, мансабдор шахсларга эса 50 БҲМ — 20,6 миллион сўм жарима белгилаш таклиф этилмоқда.
Мазкур қоидабузарлик бир йил ичида такрор содир этилса, фуқароларга 50 БҲМ — 22 миллион сўм, мансабдор шахсларга эса 100 БҲМ — 44 миллион сўм жарима солиниши мумкин.
Ҳужжат қабул қилинса, ундаги ўзгартиришлар қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланган.








