Ар-Риёддаги халқаро аэропортга ҳужум: икки нафар ўзбекистонлик жароҳатланди
Ҳодиса вақтида аэропортда яна 20 нафарга яқин ўзбекистонлик бўлган.

10 октябрь куни Ар-Риёд шаҳридаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортининг 3-терминалига баллистик ракета орқали ҳужум уюштирилган. Оқибатда 1977 ва 1997 йилларда туғилган икки нафар Ўзбекистон фуқароси енгил жароҳат олган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонуллa Файзиев Zamon.uz'га хабар қилди.
Уларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, «Diriyah Hospital» шифохонасига олиб борилган. Тиббий кўрик ва зарур муолажалардан сўнг ҳар икки фуқаро шифохонадан жавоб берилган.
Вазирликнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳодиса вақтида аэропорт ҳудудида бўлган яна 20 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси жабрланмаган.
Билдирилишича, Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонининг тегишли идоралари билан ҳамкорликда вазиятни кузатиб бормоқда. Шунингдек, фуқаролар билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик ёрдами кўрсатилмоқда.








