Бир ҳафта ичида уч марта ҳужум: «Яндекс» маълумотлар маркази фаолияти тўхтатилди
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, бироқ компаниянинг бир нечта рақамли хизматлари фойдаланувчилар учун вақтинча ишламай қолган.

Россиянинг Владимир шаҳрида «Яндекс» компаниясига тегишли маълумотлар маркази дрон ҳужумига учраганидан сўнг фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Компания маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, «Яндекс»нинг бир нечта хизматлари эса фойдаланувчилар учун вақтинча ишламай қолган. Компания тизимларни қайта тиклаш имкониятларини баҳоламоқда.
«Яндекс» Telegram’даги хабарномасида маълумотлар маркази фаолияти тўлиқ тўхтатилганини билдириб, фойдаланувчиларга авариядан кейин тизимларни тиклаш режаларини ишга туширишни тавсия қилди. Айни пайтда платформа фавқулодда режимда ишламоқда.
Компания қолган ресурслар конфигурацияси беқарор деб баҳоланаётганини маълум қилди. Шунингдек, зарар кўламини аниқлаш ишлари давомида техник ёрдам хизматига мурожаат қилишда ҳам узилишлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Бу сўнгги бир ҳафта ичида «Яндекс»нинг маълумотлар марказларига қилинган учинчи ҳужумдир. Жума куни компания Москванинг жануби-ғарбида жойлашган Калуга вилоятидаги маълумотлар маркази Украина дронлари зарбасига учрагани ва унинг фаолияти қисман тўхтаганини билдирган эди.
Бундан бир кун олдин эса Украина ҳужуми Москванинг жануби-шарқидаги Сасово шаҳрида жойлашган «Яндекс» маълумотлар маркази фаолиятини тўхтатган. Компаниянинг сунъий интеллект моделини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган учта суперкомпьютеридан иккитаси шу марказда жойлашган.
Украина президенти Владимир Зеленский пайшанба куни Сасоводаги ҳужумдан сўнг Украина Россия ҳужумларига жавоб қайтараётганини айтган.
«Биз ҳар доим ўзаро жавоб чораларини кўрамиз. Биласиз, улар бизнинг маълумотлар марказларимизга зарба бериб келмоқда ва буни давом эттирмоқда. Биз ҳам жавоб қайтаряпмиз. Барча тафсилотларни ошкор қила олмайман», — деган Зеленский.
Сўнгги бир ой ичида Россия Украинанинг бир нечта маълумотлар маркази ва телекоммуникация инфратузилмаси объектларига, жумладан, Киев марказидаги нишонларга зарба берган. Бу ҳужумлар мамлакатдаги алоқа тизимлари ва рақамли савдони издан чиқаришга қаратилган бўлиши мумкин.








