Тошкентда хавфли дарахтлар хатловдан ўтказилади: хавф солаётганлари рухсатнома билан кесилади
Пойтахтда дарахтларнинг сони, тури, ёши, ҳолати ва жойлашуви ҳисобга олиниб, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар реестри шакллантирилади.

Тошкент шаҳрида одамлар ҳаёти ва соғлиғи ҳамда мол-мулкига хавф туғдириши мумкин бўлган дарахтлар хатловдан ўтказилади. Бу Тошкент шаҳар ҳокимининг 7 октябрдаги қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, хатлов давомида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг сони, тури, ёши, географик жойлашуви ҳамда ҳолати ўрганилади. Жумладан, табиий омиллар ёки зараркунандалар таъсирида касалланган, зарарланган ва қуриган, шунингдек, инсонлар ҳаёти ва соғлиғи ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига таҳдид солаётган дарахтлар аниқланади.
Хатлов ишларини ташкил этиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида 13 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилади.
Хатлов якунлари бўйича тўпланган маълумотлар тегишли бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари томонидан имзоланиб, тасдиқланади. Маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун уларнинг биринчи раҳбарлари жавобгар этиб белгиланади.
Хатлов давомида хавф туғдираётгани аниқланган касалланган, зарарланган ёки қуриган дарахтлар белгиланган тартибда тегишли рухсатнома олинганидан кейин кесилади.








