Туркияда автобус ва эвакуатор тўқнашди: 11 киши ҳалок бўлди
Жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган, ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган.

Туркиянинг Маниса вилояти Акҳисaр туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 11 киши ҳалок бўлди, 27 киши жароҳатланди. Жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган.
Ҳодиса Гебзе–Орҳангази–Измир автомагистралининг Акҳисaр тўлов пунктлари яқинида юз берган. Бурса шаҳридан Измир томон ҳаракатланаётган саёҳат автобуси эвакуатор билан тўқнашган.
Маниса губернатори Ваҳдеттин Ўзкан воқеа жойига бориб, вазият билан танишган. Унинг маълум қилишича, жароҳатланганлардан 16 нафари сариқ, 9 нафари яшил ва бир нафари қизил тоифа бўйича таснифланиб, шифохоналарга юборилган.
Ҳодиса жойида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, полиция, жандармерия, ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам ходимлари ишлаган. Айни пайтда Республика бош прокуратураси мувофиқлаштирувида текширув олиб борилмоқда.
Туркия ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи ҳам ҳодисани тегишли идоралар билан биргаликда яқиндан кузатиб бораётганини билдирди. Унинг дастлабки маълумотида жароҳатланганлар сони 26 нафар деб кўрсатилган.
Туркия парламенти раиси Нуман Куртулмуш ва вице-президент Жавдат Йилмаз ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларга шифо тилади.








