Жибути қирғоқларида муҳожирлар қайиғи чўкиб кетди: 139 киши ҳалок бўлди
Қайиқда 300 киши бўлган, 84 киши бедарак йўқолган.

Жибути қирғоқлари яқинида 300 дан ортиқ одамни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 139 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлди. Яна 84 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро миграция ташкилотига (IOM) таяниб, Al Jazeera хабар берди.
Ташкилотнинг якшанба куни берган баёнотига кўра, ҳодиса пайшанбадан жумага ўтар кечаси, Адан қўлтиғидаги Боб ал-Мандаб бўғози яқинида, Жибутининг шарқий соҳилидаги Гуҳере ҳудудида юз берган.
Қайиқ Жибутидан Яманга йўл олган. Ҳалокатдан 80 нафардан ортиқ киши омон қолган. Уларнинг барчаси Эфиопия фуқаролари. Жибути қидирув-қутқарув хизматлари бедарак йўқолганларни қидиришни давом эттирмоқда.
IOM'нинг Жибутидаги миссияси раҳбари Александр Куиссакнинг айтишича, расмий маълумотларда фақат Жибути ҳукумати томонидан дафн этилган қурбонлар ҳисобга олинган. Муҳожирларнинг ўзлари дафн этган бошқа қурбонлар жасадлари расмийлар томонидан тасдиқлангач, умумий ҳисобга киритилиши мумкин.
Боб ал-Мандаб бўғози Африка шохидан Форс кўрфази мамлакатларига иш ва хавфсизлик излаб бораётган муҳожирлар фойдаланадиган машҳур, бироқ хавфли йўналиш ҳисобланади. Бўғознинг энг тор қисми тахминан 20 километрни ташкил этади.
IOM маълумотига кўра, 10 сентябрдан буён Эфиопиядан Жибутига 20 мингдан ортиқ одам келган. Ўтган йили эса ярим миллиондан ортиқ киши ушбу йўналиш орқали Яманга ўтишга уринган. Уларнинг камида 900 нафари ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.








