Аэропортда ҳушидан кетди: Туркияда бетоб бўлиб қолган 19 ёшли йигит ватанга қайтарилди
Унинг даволаниш харажатларининг бир қисмини у ердаги ватандошлар қоплашга ёрдам берди.

Туркияда бўлган вақтида соғлиғи кескин ёмонлашган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги маълум қилди.
Қайд этилишича, йигит Туркияга ишлаш учун борган. Бироқ соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб ишини давом эттира олмаган ва Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
Самолёт чиптасини харид қилгач, у Истанбул аэропортига етиб келган, бироқ у ерда тўсатдан ҳушидан кетган. Шундан сўнг йигит зудлик билан Истанбулнинг Башакшеҳир туманидаги Чам ва Сакура шаҳар касалхонасига ётқизилган. Шифокорлар унга зарур тиббий ёрдам кўрсатган.
Шунингдек, Туркияда яшаётган ва ишлаётган ватандошлар йигитнинг даволаниш харажатларининг бир қисмини қоплашга ёрдам берган.
Вазият Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги ва Миграция агентлиги ходимлари томонидан назоратга олинган. Улар йигитнинг ватанга қайтиши билан боғлиқ ташкилий ва логистика масалаларини ҳал қилган.
Кўрилган чоралар натижасида 19 ёшли фуқаро Ўзбекистонга эсон-омон қайтарилган.
Бош консуллик ушбу жараёнда ёрдам кўрсатган барча ватандошларга миннатдорлик билдирган








