Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланди
Шуҳрат Холмуҳаммедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан мудофаа вазири лавозимидан озод этилди.

Ўзбекистон президенти фармони билан Ботир Баҳромович Қудратхўжаев мудофаа вазири этиб тайинланди.
Қудратхўжаев меҳнат фаолиятини 1997 йилда Ўзбекистон ҳарбий прокуратурасининг кадрлар бўлимида иш юритувчи сифатида бошлаган.
Кейинчалик Фарғона вилояти ҳарбий прокуратурасида терговчи-криминалист, Тошкент ҳарбий округи ҳарбий прокуратурасида катта терговчи ва Тошкент вилояти ҳарбий прокурори лавозимларида ишлаган.
У 2022 йил 2 ноябрда бош прокурор ўринбосари — Ўзбекистон ҳарбий прокурори этиб тайинланган. 2025 йил 25 февралда эса фавқулодда вазиятлар вазири лавозимини эгаллаган. Шу муносабат билан унга президент фармони билан генерал-майор ҳарбий унвони берилган.
Қудратхўжаев 2026 йил январида фавқулодда вазиятлар вазири лавозимидан озод этилган эди.
Шуҳрат Холмуҳаммедов 2024 йил ноябрида Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланган эди. У бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.








