Ички авиақатновлар учун янги тарифлар: чипталар 20 фоизгача арзон бўлади
Ўзбекистонда ички авиақатновлар тарифлари қайта кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда ички авиақатновлар учун тарифлар қайта кўриб чиқилди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, бу ишлар Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ижроси доирасида амалга оширилган.
Қўмита авиация бозоридаги ички йўналишлар тарифлари, нархларнинг шаклланиши ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ўрганди. Шунингдек, парвозлар билан боғлиқ ташиш харажатларини мақбуллаштириш имкониятлари таҳлил қилиниб, чипталар нархини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Ушбу таклифлар қўллаб-қувватлангач, Қўмита ва Uzbekistan Airways ҳамкорлигида ички авиақатновлар тарифлари қайта кўриб чиқилган. Натижада 16-октябрдан бошлаб ички йўналишлардаги авиачипталар нархи ўртача 20 фоизгача арзонлаштирилади.
Қайд этилишича, мазкур чора-тадбирлар аҳолининг авиақатновлардан фойдаланишини қулайлаштириш, ички туризмни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасида ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда хизмат сафарлари ва шахсий ташрифларни режалаштиришда қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар манфаатларига дахлдор бозорларни ўрганиш ва аниқланган муаммолар юзасидан амалий чоралар кўришни давом эттиришини билдирди.








