Путин Трамп эълон қилган энергетик сулҳни бузди — Зеленский
Украина президенти Москва келишувга риоя қилмаса, жавоб чораларини кўришини билдирди.

Владимир Зеленский Варшава хавфсизлик форумидаги нутқида Россия Украинадаги энергетика инфратузилмасига ҳужум қилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Харьковдаги энергетика объектига ҳам зарба берилган.
Зеленский энергетика соҳасида сулҳ ўрнатиш ғоясини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. Бироқ бунинг учун Россия ҳам келишувга розилигини амалда кўрсатиши кераклигини айтган.
“Агар Россия энергетик сулҳга рози бўлмаса, биз бунга жавоб берамиз”, — деган Украина президенти.
Унинг қайд этишича, Россия дронлари ва бошқариладиган авиабомбалар Украина ҳудудига ҳужум қилган, мамлакат энергетика инфратузилмаси ҳам нишонга олинган.
Зеленский, шунингдек, АҚШ ва Россия ўртасидаги энергетик келишувлар масаласига тўхталиб, Вашингтон Украинага ҳам дизель ёқилғиси бўйича келишув таклиф қилиши мумкинлигини айтган. Унинг таъкидлашича, Украина энергетика тизимининг хавфсизлиги кафолатланмаса, Россиянинг нефтьни қайта ишлаш инфратузилмасига қарши жавоб зарбалари берилиши мумкин.
Президент Россиянинг “Яндекс” маълумотлар марказларига қилинган зарбалар ортдан ижтимоий тармоқларда ботлар, нафрат ва провокациялар камайганини ҳам таъкидлаган.
Зеленский Украина энергетик сулҳ бўйича кафолатларни имзолашга тайёрлигини билдирган. Ҳозирда Киев АҚШ ва Россия ўртасидаги музокаралар тафсилотларини ҳамда Вашингтоннинг аниқ қадамларини кутмоқда.
Унинг фикрича, энергетик сулҳга амал қилиниши урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 11-октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Россия ва Украина ўртасида энергетик сулҳ бўйича келишув борлигини маълум қилган эди. Бироқ у келишув қачондан кучга киришини аниқ кўрсатмаган.








