Сохта эълонлар ва қиммат чипталар: Транспорт вазирлиги фуқароларни огоҳлантирди
Фирибгарлар Москва–Тошкент автобус чипталарини белгиланган нархдан бир неча баробар қимматга сотмоқда.

Транспорт вазирлиги Россиядан Ўзбекистонга автобус орқали қайтишни режалаштираётган фуқароларни чипталарни харид қилишда эҳтиёт бўлишга чақирди.
Вазирлик маълумотига кўра, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва YouTube каналларида «Uzautotrans Service» компаниясининг автобусларига оид фото ва видеолардан фойдаланиб, Москва–Тошкент йўналишидаги қатновлар ҳақида эълонлар жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Фирибгарлар йўловчиларга давлат томонидан ташкил этилган расмий қатновлар орқали Тошкентга етиб олишларини ваъда қилмоқда. Улар тегишли рейслар учун кассаларда чипта қолмаганини айтиб, йўловчиларга чипталарни бевосита ўзларидан харид қилишни таклиф этади. Натижада чипталар белгиланган нархдан бир неча баробар қимматга сотилади.
Бундан ташқари, айрим фуқаролар қиммат нархда чипта сотиб олганидан кейин ноқонуний фаолият юритувчи автобусларга чиқариб юборилмоқда.
Вазирлик эслатишича, «Uzautotrans Service» компанияси Москва шаҳридаги «Новоясеневская» ва «Котельники» автостанцияларидан Тошкент автовокзалига ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари қатновларни амалга оширади.
Чипталарни мазкур автостанциялар кассаларидан, шунингдек, уларга тегишли мобил иловалар ва расмий сайтлар орқали онлайн харид қилиш мумкин.
Расмий қатновлар учун чипта нархи 8 500 рублни ташкил этади. Шу куннинг ўзида ташкил этиладиган қўшимча рейслар учун эса нарх 7 000 рубл этиб белгиланган.
Транспорт вазирлиги фуқароларга ижтимоий тармоқлардаги шубҳали эълонларга ишонмасликни ҳамда чипталарни фақат расмий савдо каналлари орқали харид қилишни тавсия этди.








