Сулҳ бўйича келишувга эришилмади: Эрон АҚШ жавобидан норози
Теҳрон можарони тугатиш учун барча талаблар бажарилишини истамоқда.

Эрон Хавфсизлик кенгаши котиби Моҳсен Ризоий АҚШнинг Ҳурмуз бўғозини очиш ва можарони тартибга солишга қаратилган етти бандли режага жавобини қониқарсиз деб баҳолади.
Унинг Press TV телеканалига айтишича, АҚШ Эрон таклифларининг айримларини қабул қилган, бироқ қолганларига жавоб бермаган.
“Биз америкаликларга жавоб бермаяпмиз. Улар бизга жавоб беришди ва биз уларнинг жавобини қониқарсиз деб биламиз”, — деди Ризоий. Унинг таъкидлашича, можарони имкон қадар тезроқ тугатиш учун Вашингтон Эроннинг барча талабларини қабул қилиши лозим.
Ризоий Эрон ва АҚШ ўртасида уч босқичли музокаралар ўтказилганини, бироқ уларнинг ҳар бири АҚШнинг рад жавоби билан якунланганини айтди. Унинг фикрича, бу ҳолат Теҳронни дипломатияга ёндашувини ўзгартиришга мажбур қилган.
Reuters манбаларига таяниб, 23-сентябрь куни Эроннинг етти банддан иборат режаси ҳақида хабар берган. Таклиф АҚШга Қатар, Покистон ва Ироқ воситачилигида етказилган.
27-сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп таклифни расман рад этиб, Ҳурмуз бўғозини назорат қилиш масаласида қатъий позициясини билдирган. Эроннинг талабларига денгиз блокадасини дарҳол бекор қилиш, музлатилган активларини қайтариш, нефть экспортига қўйилган санкцияларни бекор қилиш ва барча жабҳаларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш киради.
28-сентябрь куни ISNA агентлиги Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи бошчилигидаги дипломатлар айрим масалаларни муҳокама қилиш учун Қатар воситачилари билан учрашишини хабар қилган. Reuters маълумотига кўра, Қатар воситачиларининг АҚШ вакиллари билан ҳам учрашиши режалаштирилган.








