Сунъий интеллект ва ядровий уруш: 2100 йилга бориб инсониятга нима хавф солади?
17 та глобал хавф миллиардлаб инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига зарар етказиши мумкин.

Мутахассислар 2100 йилга қадар инсоният учун энг катта таҳдидлардан бири сунъий интеллект ёрдамида биологик қуроллар яратиш ва улардан фойдаланиш, иккинчиси эса ядровий можаро эканини таъкидлади.
The Lancet тиббий журналининг XXI асрдаги глобал соғлиқни сақлаш таҳдидларига бағишланган комиссияси ҳисоботида инсоният келажагига хавф солиши мумкин бўлган омиллар таҳлил қилинди. 35 нафар мутахассис иштирокида тайёрланган ҳисобот Берлинда бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш саммитида тақдим этилди.
Мутахассислар турли салбий сценарийлар юз берган тақдирда касалликлар, ногиронлик ва муддатидан олдин ўлим оқибатида инсоният қанча умр йўқотиши мумкинлигини моделлаштирди.
Ҳисоботда энг жиддий таҳдидлардан бири сифатида сунъий интеллектдан зарарли мақсадларда фойдаланиш, хусусан, унинг ёрдамида биологик қуроллар яратиш ва уларни қўллаш эҳтимоли қайд этилган.
Яна бир катта хавф — ядровий қуроллардан фойдаланиш. Мутахассислар бундай можаро атмосферага катта миқдорда заррачалар тарқалишига, қуёш нурларининг Ер юзасига етиб келиши камайишига ва глобал ҳарорат пасайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган. Бу эса қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг тушиши ва кенг кўламли очарчиликни келтириб чиқариши эҳтимолини оширади.
Ҳисоботда ушбу икки сценарий инсоният мавжудлигига таҳдид солувчи энг оғир ҳолатлар сифатида кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, мутахассислар яна 15 та жиддий хавфни санаб ўтган. Улар орасида ҳаво ифлосланиши, иқлим ўзгариши, семизлик, болалар ўртасида тўйиб овқатланмаслик, микробларнинг дори воситаларига чидамлилиги, табиий пандемиялар, чекиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, юқори қон босими ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар бор.
Шунингдек, носоғлом қариш, ривожланаётган мамлакатларга халқаро ёрдамнинг қисқариши, иқтисодий тенгсизлик ва таълим даражасининг пастлиги ҳам глобал таҳдидлар қаторига киритилган.
Ҳисобот муаллифлари ушбу муаммолар ўзаро чамбарчас боғлиқлигини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, хавфларнинг оқибатларини камайтириш учун имкониятлар мавжуд, бироқ давлатлар қисқа муддатли режалаштириш билан чекланмай, узоқ муддатли стратегиялар ва тизимли тайёргарликка эътибор қаратиши керак.








