Термиздаги фожиа: Собалтъни бошқарган 10-синф ўқувчиси синфдошининг ўлимига сабаб бўлди
16 ёшли ўқувчи онасига тегишли Cobalt'ни ҳайдовчилик ҳуқуқисиз бошқариб, ёритиш устунига урилган.

2026 йил 9 октябрь куни соат тахминан 13:00 да Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида вояга етмаганлар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Ҳодиса «Наврўз» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Д-166 «Термиз шаҳри — Намуна — Термиз халқаро аэропорти» автомобиль йўлининг 11-километрида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2010 йилда туғилган, Термиз шаҳридаги 25-мактабнинг 10-синфида таҳсил олувчи ўқувчи онасига тегишли Cobalt автомобилини ҳайдовчилик ҳуқуқисиз, юқори тезликда бошқарган. Натижада у бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги ёритиш устунига урилган.
ЙТҲ оқибатида автомобиль ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари билан жонлантириш бўлимига ётқизилган. Унинг 2010 йилда туғилган синфдоши эса воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Термиз тумани Ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, ҳодисадан сўнг ҳудуддаги 23-, 24- ва 25-мактабларнинг транспорт воситасини бошқаришга мойиллиги бўлган ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилган. Унда вояга етмаганлар иштирокидаги ЙТҲларнинг сабаблари, ота-оналар ва жамоатчиликнинг бефарқлиги ҳамда болалар назоратсиз қолаётгани танқид қилинган.








