Тошкентда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер МИБ орқали бўшатилди
Ижро ҳаракатлари давомида қурилма мажбурий тартибда бузилиб, суд ҳужжати талаби амалда бажарилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2026 йил 20 февралдаги ижро варақасига асосан, қарздор Қ.Б. томонидан Яшнобод тумани Авиасозлар-3 мавзесида жойлашган 120 кв. метр ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги муносабати билан мазкур ҳудуддаги қурилмани бузиш белгиланган.
Суд ҳужжати 2026 йил 22 июнь куни Мажбурий ижро бюроси Яшнобод туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва белгиланган тартибда ижро иши қўзғатилган.
Ижро жараёнида суд ҳужжати талабларини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўрилган. Бироқ қурилманинг ихтиёрий равишда бузилиши таъминланмаганлиги сабабли суд ҳужжати ижросини мажбурий тартибда амалга оширишга киришилди.
Натижада, 2026 йил 6 октябрь куни Авиасозлар-3 мавзесида ўзбошимчалик билан эгалланган 120 кв. метр ер майдонидаги қурилма мажбурий тартибда бузилиб, суд ҳужжати талаби амалда бажарилди.
Мазкур ижро иши мисолида суд ҳужжатларининг қонуний кучга кириши билан уларни ижро этиш мажбурий экани яна бир бор намоён бўлади. Ўзбошимчалик билан ер майдонларини эгаллаш ёки уларда тегишли ҳуқуқий асосларсиз қурилмалар барпо этиш қонунчилик талабларига зид бўлиб, бундай ҳолатларда бузилган қонуний тартибни тиклаш суд ҳужжати асосида таъминланади.
Шу тариқа, кўрилган мажбурий ижро чоралари натижасида 120 кв. метр ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб турилишидан ҳоли қилинди ва суд ҳужжатида белгиланган талаб тўлиқ ижро этилди.







