Андижонда ЙТҲ: Chery ҳайдовчиси мактаб ўқувчисини уриб юборди
Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан жабрланган ўқувчини шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб борган.

13 октябрь куни Андижон шаҳрида автомобиль мактаб ўқувчисини уриб юборди. Ҳайдовчи ҳодиса жойидан кетмаган ва жабрланган болани шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб боришда иштирок этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳодиса соат 12:30 ларда Шабнам кўчасидаги 56-сонли мактаб қаршисида содир бўлган. 1957 йилда туғилган Т.У. бошқарувидаги Chery Tiggo 8 Pro автомобили тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган ўқувчини уриб юборган.
Ҳайдовчи бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаслик учун автомобилни хавфсиз жойга тўхтатган. Йўл-патруль хизмати ходими етиб келганидан сўнг, улар жабрланган ўқувчини шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб борган.
Кейинчалик автомобиль белгиланган тартибда жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари суриштирув олиб бормоқда.








