Болалар хавфсизлиги хавф остида: Damas'да 11 нафар боғча боласини олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди
Мирзаобод туманида болаларни меъёрдан ортиқ ташиган ҳайдовчига чора кўрилди.

Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Тошкент маҳалласида Damas русумли автомобилда боғча болаларини меъёрдан ортиқ миқдорда ташиётган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат 8 октябрь куни содир бўлган. Ҳайдовчи шахсий автомобилида 13 нафар болани олиб кетаётган вақтда тўхтатилган. Унга нисбатан транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий баённома расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ҳайдовчи қоидабузарлигини тан олиб, бошқа ҳайдовчиларни бундай ҳолатга йўл қўймасликка чақирган.
ИИБ ҳайдовчилардан йўловчи ташиш қоидаларига қатъий риоя қилишни, ота-оналардан эса фарзандларининг хавфсизлигига бефарқ бўлмасликни сўради.








