Болгария соҳилларида кема дрон ҳужумидан чўкди: 11 денгизчи бедарак йўқолди
Болгария расмийлари икки юк кемасига дронлар билан ҳужум қилинганини билдирди. Россия элчиси изоҳ бериш учун чақиртирилди.

Болгария қирғоқлари яқинида иккита юк кемасига дронлар билан ҳужум қилинди. Улардан бири чўкиб кетган, унинг 11 нафар экипаж аъзоси бедарак йўқолган. Ҳодисалар ортидан Болгария Россия элчисини изоҳ бериш учун чақирди.
Болгария расмийлари маълумотига кўра, ҳужумлар сешанбага ўтар кечаси содир бўлган. HS Dignity номли, Гвинея-Бисау байроғи остида сузган кема Руминия чегараси яқинидаги Крапетс қишлоғи соҳилларида чўкиб кетган. Унинг беш нафар экипаж аъзоси қутқарилган, яна 11 нафари бедарак йўқолган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Мальта байроғи остида сузган Chelsea-3 кемасига ҳам учта дрон билан зарба берилган. Унинг экипажидаги етти нафар украиналик ва саккиз нафар озарбайжонлик денгизчининг барчаси қутқарилган. Уларнинг ҳеч бири жиддий жароҳатланмаган.
Болгария ҳужумларни Россия амалга оширганини расман тасдиқламади. Бироқ бош вазир Румен Радев ҳодисалар оқибати Россия манфаатларига хизмат қилишини айтди. Россия томони воқеалар юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.
“Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат — Болгариянинг ҳудудий сувларига бевосита яқин жойда яна бир ҳужум содир этилди”, — деди Радев телевидение орқали қилган мурожаатида.
У, шунингдек, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен ва НАТО бош котиби Марк Рютте билан телефон орқали суҳбатлашиб, Болгариянинг денгиз ҳудудлари ва ҳаво маконини кузатиш имкониятларини кучайтиришда ёрдам сўради. Рютте НАТО шарқий қанотидаги ҳарбий иштирок заруратга қараб мослаштирилишини билдирди.
Европа Иттифоқи ва Украина ҳам ҳужумларни қоралади. Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига зарба Москванинг тинч аҳоли ҳаётига беписанд муносабатини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади. Еврокомиссия президенти эса ҳодиса учун масъуллар жавобгарликка тортилиши кераклигини билдирди.
Болгария мудофаа вазири Димитар Стоянов Руминия ва Туркиядаги ҳамкасблари билан Қора денгиз минтақасидаги хавфсизлик вазиятини муҳокама қилди.
Аввалроқ Болгариянинг Қора денгиздаги эксклюзив иқтисодий зонасида дрон ҳужумига учраган кема чўкиб кетган, тўққиз нафар суриялик ва бир нафар мисрлик денгизчи ҳалок бўлган эди. Ўша кечада яна бир кемага ҳужум қилинган, бироқ унинг экипажи қутқарилган.
Россиянинг Болгариядаги элчиси Элеонора Митрофанова Россия Мудофаа вазирлигидан савдо кемаларига қилинган ҳужумлар ҳақида маълумот олмаганини айтди. Шу билан бирга, у ҳодисалар учинчи томон томонидан уюштирилган иғво бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
Россия 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан бери Қора денгиздаги денгиз ташувлари урушнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Россия Украина портларига зарба бериб келмоқда, Украина эса Россиянинг дон экспортига хизмат қиладиган кемаларини Қора ва Азов денгизларида нишонга олмоқда. Украина ва Россия дунёдаги йирик дон экспортчилари ҳисобланади.







