“Мен буни жуда хоҳлардим”: Трамп учинчи муддат ҳақида гапирди
АҚШ президенти учинчи муддатга президент бўлиш истагини билдирди.

Дональд Трамп Огаё штатида республикачилар тарафдорлари билан учрашувда учинчи муддатга президент бўлиб қолиш истагини билдирди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Митинг давомида Трамп республикачилар ноябрь ойидаги оралиқ сайловларда ғалаба қозонса, мамлакатни мисли кўрилмаган иқтисодий муваффақият кутаётганини таъкидлаган. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари “Яна тўрт йил!” дея ҳайқира бошлаган.
“Мен буни қилишни жуда хоҳлардим”, — деган Трамп учинчи муддатга ишора қилиб.
АҚШ Конституциясига киритилган 22-тузатишга кўра, бир шахс президентлик лавозимига икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас. Трампнинг амалдаги иккинчи муддати 2029 йил январида якунланиши керак. Шу боис унинг учинчи муддатга сайланиш истаги амалдаги конституциявий чеклов билан тўқнаш келади.
Трамп илк бор 2016 йилда президент этиб сайланган ва 2017–2021 йилларда мамлакатни бошқарган. У 2020 йилги сайловда Жо Байденга ютқазган, бироқ 2024 йилда яна ғалаба қозониб, президентликка қайтган.
Трамп аввал ҳам учинчи муддатда президент бўлиш имконияти ҳақида бир неча бор гапирган. Шу билан бирга, у бундай имкониятнинг конституциявий чекловларга дуч келишини ҳам тан олган. АҚШда президентнинг учинчи муддатга сайланиши учун амалдаги конституциявий тартиб ўзгартирилиши керак бўлади.








