Туғруқхонадаги сирли ҳодиса: янги туғилган чақалоқ йўқолди
15 нафардан ортиқ киши сўроқ қилинмоқда, бироқ боланинг қаердалиги ҳозирча номаълум.

Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Акушерлик, гинекология ва перинатология илмий-тадқиқот институтининг 1-сонли туғруқхонасида янги туғилган чақалоқ йўқолиб қолди. Бу ҳақда Asia-Plus нашри боланинг қариндошларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 19 ёшли Мавзуна Акрамова 11 октябрь куни соат 10:00 атрофида илк фарзанди — ўғил болани дунёга келтирган. Оила аъзоларининг айтишича, чақалоқ соғлом туғилган. Ўша куни улар соат 16:00 гача тиббиёт муассасасида бўлиб, кейин уйларига қайтган.
12 октябрга ўтар кечаси, тахминан соат 01:00 да туғруқхона ходимлари оилага қўнғироқ қилиб, чақалоқ йўқолганини маълум қилган.
Акушерлик, гинекология ва перинатология илмий-тадқиқот институти 13 октябрь куни чақалоқ йўқолганини тасдиқлаган. Муассаса раҳбарияти вазият назорат остида эканини, ҳодисанинг айрим тафсилотлари аниқланганини билдирган. Чақалоқ топилиб, қариндошларига топширилгач, қўшимча маълумот берилиши айтилган.
Asia-Plus маълумотига кўра, қариндошларга кўрсатилган видеокузатув ёзувида тиббиёт муассасаси ходими бўлиши мумкин бўлган аёл чақалоқни олиб кетаётгани акс этгани айтилмоқда. Бироқ видео нашр ихтиёрида бўлмагани сабабли бу маълумот мустақил равишда тасдиқланмаган.
Боланинг қариндошлари милиция ходимлари чақалоқни қидираётганини билдирган. Шунингдек, 15 нафардан ортиқ одам сўроқ қилинаётгани ҳақида маълумот берилган.
Ҳозирча чақалоқнинг қаердалиги ва унинг йўқолишига нима сабаб бўлгани расман маълум қилинмаган. Ҳолат юзасидан текширув давом этмоқда.







