5,8 кг прегабалин ва 100 мингта бўш капсула: Гулистонда нарколаборатория аниқланди
Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Гулистон шаҳрида кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланган шахслар ташкил этган нарколаборатория фош қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида маълум бўлди.
Аниқланишича, 2003 ва 2005 йилларда туғилган уч нафар маҳаллий фуқаро кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланган.
Холислар иштирокида ўтказилган тадбир давомида хонадондан 5 кг 863 грамм «Прегабалин» моддаси, 100 минг дона бўш капсула, иккита электрон тарози, тиббий қўлқоплар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ушланган шахсларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








