Автобус тозалигига бепарволик қимматга тушди: уч механик жаримага тортилди
Тошкентда 66-йўналишдаги автобуснинг санитария ҳолати ижтимоий тармоқларда танқид қилинган.

Тошкент шаҳрида 66-йўналишда ҳаракатланувчи автобуснинг санитария ҳолати юзасидан билдирилган танқиддан сўнг масъул ходимларга нисбатан интизомий чора кўрилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 13 октябрь куни Телеграмъда “12-автобус саройи” филиалига қарашли, “Йўлдош 17-мавзеси — Тошкент вокзали” йўналишида қатновчи 66-сонли автобуснинг санитария ҳолати танқид қилинган.
Мурожаат филиал масъуллари томонидан ўрганилган. Натижада 205-рақамли автобус йўналишдан қайтгач, ювиш шохобчасида тўлиқ ювилган, салоннинг ички қисми эса махсус тозалаш воситалари ёрдамида санитария талабларига мувофиқ тозаланган.
Текширув давомида автобусни йўналишга чиқаришда унинг тозалигига етарлича эътибор қаратмаган навбатчи механиклар Х. Дадахўжаев, Р. Валиев ва Ў. Азимов билан тушунтириш ишлари олиб борилган ва улардан тушунтириш хатлари олинган.
Шунингдек, учала механикнинг ҳар бирига ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланган.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ автобусларнинг санитария ҳолатини доимий назорат қилиш ва шу каби ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун зарур чоралар кўрилишини билдирган. “12-автобус саройи” филиали эса юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда автобус эшиклари очиқ ҳолда ҳаракатланган ҳайдовчи жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.








