Эбола қурбонлари сони ортмоқда: ўлим ҳолатлари 4 381 тага етди
Конгода 9 066 та инфекция ҳолати қайд этилди.

Конго Демократик Республикасида Эбола вирусини юқтириш оқибатида 4 381 киши вафот этди, инфекция билан касалланганлар сони эса 9 066 нафарга етди. Бу ҳақда Associated Press мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, сентябрь ойи охирида мамлакатда Эбола оқибатида 3 900 та ўлим ва 8 мингта инфекция ҳолати қайд этилган. Шундан буён касалланганлар ва вафот этганлар сони сезиларли даражада ошган.
Қурбонлар сонининг кўпайиши тиббиёт ходимлари ва давлат амалдорларини хавотирга солмоқда. Қайд этилишича, ўлим ҳолатларининг катта қисми тиббиёт муассасаларидан ташқарида содир бўлган.
Эбола эпидемияси 15 май куни Конго Демократик Республикасининг Итури провинциясида расман эълон қилинган. Кейинчалик касаллик мамлакатнинг бошқа ҳудудларига, шунингдек, қўшни Угандага ҳам тарқалган. Август ойи охирида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Угандада вирус тарқалиши тўхтаганини маълум қилган.
ЖССТ ушбу эпидемияни тарихдаги энг тез ривожланаётган эпидемиялардан бири сифатида баҳолаган. Ташкилот унинг кўлами бундан ўн йил аввал Ғарбий Африкада кузатилган ва 11 мингдан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган йирик Эбола эпидемиясидан ҳам ошиб кетиши мумкинлигини билдирган.







