Халқаро курьерлик жўнатмалари арзонлашади: божхона йиғими 20 фоизга туширилади
Бундан ташқари, айрим логистика марказлари 2040 йилгача ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинади.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил 12 октябрдаги ПҚ–368-сон қарор билан 2026–2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Унга кўра, транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 миллион тоннага, транспорт ва логистика хизматлари экспорти 3,5 миллиард долларга етказилади. Республика ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажмини 18,5 миллион тоннага ошириш, халқаро қуруқлик портлари сонини эса 24 тадан 30 тага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ҳамда транспорт-логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробар оширилади.
Қарорда транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштириладиган ҳудудлар ҳам белгиланган. Булар — Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари.
Транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (ТОS) ва омборларни бошқариш (WМS) тизимлари жорий этилади. Улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг «E-logistikа» платформасига уланади.
Бундан ташқари, белгиланган талабларга жавоб берадиган транспорт-логистика марказлари 2040 йилгача ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинади. Бунинг учун марказ тегишли халқаро битимга киритилган, зарур тизимларни жорий этган ва «E-logistika» платформасида «BB» ёки ундан юқори рейтингга эга бўлиши керак.
Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар 2029 йил 1 августгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмларни импорт қилишда божхона божидан ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод этилади.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун амалдаги божхона йиғими ставкаси 20 фоизга пасайтирилади.
Шунингдек, 2027 йил 31 декабргача М₂, М₃ ва Н тоифадаги транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўламасдан импорт қилиши мумкин.








