Иссиқхона эгалари учун янги имтиёзлар: солиқларни 50 фоизга камайтириш таклиф қилинди
Шунингдек, янги иссиқхона қуриш учун 300 миллион сўмгача кредит ажратиш кўриб чиқилмоқда.

Шавкат Мирзиёев иссиқхоналар фаолиятига «яшил» технологияларни жорий этиш ва уларнинг экологик хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган тақдимот билан танишди.
Тақдимотда шахсий томорқалардаги иссиқхоналарни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор имтиёзлар таклиф қилинди.
Жумладан, 2030 йилгача томорқа иссиқхоналари учун ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, уларни айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ҳамда энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатларининг ярмини қоплаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги хонадонларда «яшил» энергия манбалари ва самарали ускуналарни жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант ажратиш масаласи кўриб чиқилди.
Янги экологик тоза иссиқхоналар қуриш учун 300 миллион сўмгача, мавжуд иссиқхоналарни қайта жиҳозлаш учун эса 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар учун экологик хавфсиз иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.








